» ЗАР ҚАДРИНИ БИЛГАН ЗАРГАР

ЗАР ҚАДРИНИ БИЛГАН ЗАРГАР

25 0
ЗАР ҚАДРИНИ БИЛГАН ЗАРГАР
Маълумки, заргарлик санъати ўзбек халқи маданиятининг ажралмас қисми бўлиб, унинг шаклланиш босқичи қадимги даврларга бориб тақалади. Хусусан, Айритом, Афросиёб, Далварзинтепа, Болаликтепа, Ерқўрғон ва бошқа шу каби ёдгорликлардан топилган, милоддан аввалги I асрдан милодий VII асрлар оралиғида яратилган чиройли ҳайкаллар, тақинчоқлар, девор безаклари орқали юртимиз ҳудудида заргарлик санъати қанчалик ривожланганини кўриш мумкин.

"Мард ўғлон" давлат мукофоти соҳиби, ғузорлик заргар Шарифжон Раупов ҳам миллий ҳунармандчиликнинг ана шу энг нафис ва кўҳна турини ўзлаштириб, уни давом эттираётган ёшларимиздан. У билан суҳбатимиз ҳам бу ҳунарни ўрганишига сабаб бўлган омиллар, эришаётган ютуқлари ҳамда ўз олдига қўйган мақсадлари хусусида кечди.
Заргарлик бизга отамерос ҳунар
- Оиламиз катталарининг айтишича, қадимдан ота-боболаримиз заргарлик билан шуғулланиб келишган экан. Аммо сулоламиз ҳақидаги асосий маълумотлар ўзининг заргарлик санъати билан катта эътибор қозонган Шарифхўжа Раупхўжа ўғлидан бошлаб сақланиб қолган. У киши бобомнинг боболари бўлган.
Шарифхўжа Раупхўжа ўғли жуда билимдон, ташкилотчи киши бўлиб, Бухоро амири Саид Олимхон даврида амирлик саройида турли масъул лавозимларда ишлаган. Шу билан бирга, заргарлик ҳунари билан шуғулланган. Кейинчалик сарой зарбхонасини бошқарган.
Бухорода совет ҳукумати ўрнатилгач, қатор амалдорлар, бойлар қаторида бобомиз ҳам қулоқ қилинган. Аммо у кишидан фарзандларига жуда катта моддий ва маънавий мерос қолган. Моддий мерос деганим ўша даврда фойдаланилган заргарлик ускуналари бўлса, маънавий мерос заргарлик ҳунаридир.
Катта бобомиз кулоқ қилинганидан сўнг узоқ йиллар давомида, яъни мустақилликка қадар у кишининг фарзандлари, неваралари заргарлик ҳунари билан шуғуллана олмаган. Чунки ҳукумат томонидан аҳолининг қимматбаҳо металлар билан ишлашига тақиқ қўйилган эди. Шунга қарамай, фарзандлари, неваралари бобомизнинг ҳунарини ардоқлаб, уни ўрганиб келишган. Ҳатто ҳунарнинг унутилиб кетмаслиги, ота-боболаримизнинг қадриятларини сақлаб қолиш учун ҳар авлоддан бир болага бобомизнинг исм ёки шарифини беришган. Мисол учун, катта бобомиз - Шарифхўжа Раупхўжа ўғли, бобом - Рауп Шарипов. Менинг исм-шарифим - Шарифжон Раупов. Хуллас, бундай исм ва фамилиялар бизда жуда кўп. Бу сулоламизнинг ўз қадриятларига собитлиги, ёшларнинг ота-боболари ҳунарига нисбатан юксак эҳтироми натижаси, деб биламан. Бу менга ғурур бағишлайди, шу билан биргаликда, жуда катта масъулият ҳам юклайди.
Саксон йилдан сўнг устахонани ишга туширдим
- 1993 йилда туғилганман. Бу пайтда Ватанимиз мустақилликка эришган, ҳунармандчиликнинг барча соҳалари қатори заргарликка ҳам кенг йўл очилган вақтлар экан. Шу боис яқинларим менга катта бобомнинг исм-шарифини бериб, у кишининг ҳунарларини давом эттиришимга умид билдирган.
Кейинроқ отам, бобом менга бу ҳунарни астойдил ўргатишди. Етти-саккиз ёшимдаёқ бу ишга қўлим келишиб қолган эди. 18 ёшимда катталардан оқ фотиҳа олиб, ҳунарманд сифатида рўйхатдан ўтдим ва бобомнинг устахонасида иш бошладим.
Тарихий йўналишга қизиқишим баланд
- Маълумки, ҳар бир замонда заргар усталар томонидан ясалган буюмлар улар яшаган давр санъати, маданиятини ўзида намоён этиши, миллий ҳунармандчиликнинг ўзига хос хусусиятларини акс эттириши билан аҳамиятлидир. Устанинг қалб қўри, юксак бадиий маҳорати билан ишланган турли тақинчоқлар зеб-зийнат вазифасини ўташи билан бирга, инсон саломатлиги, руҳиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Заргар бирор бир буюмни мукаммал ясаши учун буларнинг ҳар бирини ўрганиши, катта билимга эга бўлиши лозим. Масалан, у шундай тақинчоқ ясасинки, ҳам бежирим бўлсин, ҳам саломатликка фойда келтирсин, ҳам қандайдир маъно англатсин.
Шу боис ҳозир турли тақинчоқлар ясаш билан бир қаторда, ўзбек миллий заргарлигининг тарихини ўрганишга ҳаракат қилаяпман. Бу эса тарихга қизиқишимни ва қадимий тақинчоқларнинг нусхаларини яратиб уларни шу тариқа қайта тиклашга иштиёқимни янада оширмоқда.
Билимларимни ошириш, тарихий услубларни ўзлаштириш мақсадида бир қанча вақт мобайнида Бухоро вилоятида тарихий йўналишда ишлайдиган машҳур заргар Алишер Ҳайдаров қўлида таҳсил олдим. У кишидан жуда кўп нарсаларни ўргандим.
Мени бу йўналишга ундаган яна бир сабаб, бобомдан тарихий услубдаги тақинчоқларни ясашда қўлланиладиган жуда кўп нодир қолиплар қолган. Бу жуда катта бойлик, имконият аслида. Демак, ана шу имкониятдан самарали фойдаланиб, бу услубни янада ривожлантириш, тарихий тақинчоқларнинг нусхаларини тиклаш асосий мақсадларимдан бири.
Ерқўрғон тақинчоқларини тикладим, навбат Амир Темур узугига
- Яқинда қўлимга вилоятимизда топилган турли тарихий буюмлар ҳақидаги альбом-китоб тушиб қолди. Унда Ерқўрғондан топилган бир қанча буюмлар, жумладан, тақинчоқлар тўғрисида ҳам маълумотлар, уларнинг суратлари бор экан. Ана шу маълумотлар асосида бир нечта тақинчоқларнинг айнан нусхаларини яратдим. Буларни шу йил мустақиллик байрами арафасида тарих музейига топширмоқчиман.
Шунингдек, асосий мақсадларимдан яна бири буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг тарихий узугини ясаш. Биласиз, бу узукнинг асл нусхаси ҳозир Америкада сақланмоқда. Шаҳрисабздаги Амир Темур номидаги моддий маданият тарихи музейи ("Шаҳрисабз" давлат музей-қўриқхонаси)да унинг икки томондан олинган суратлари мавжуд. Кўплаб тарихчилар билан суҳбатлашиб, интернетдан маълумотлар қидириб, Амир Темур узугининг аниқ ўлчамлари, шакли ҳақида аниқ фактлар тўпладим. Энди уни худди ўзидек қилиб ясаяпман. Узукнинг асоси кумушдан, юзасига тилла суви югуртирилган бўлади. Ҳозир ана шу нодир буюмни яратиш бўйича ишлаяпман. Ниятим, узук нусхасини тезроқ ясаб, Шаҳрисабздаги Амир Темур номидаги моддий маданият тарихи музейи ("Шаҳрисабз" давлат музей-қўриқхонаси)га топшириш.
Мукофот янада катта масъулият юклади
- Ҳунарманд сифатида фаолият бошлаган илк йилларимдан буён ўз ишларим билан турли кўргазмалар, танловларда фаол қатнашиб келмоқдаман. Хусусан, бир неча бор "Ташаббус" кўрик-танловининг туман, вилоят ва республика босқичларида муваффақиятли иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олганман. Яна ёш тадбиркорлар, ҳунармандлар ўртасида ўтказилган кўплаб танловларда ҳам ишларим юқори баҳоланиб, ғолиблар сафидан жой эгалладим.
Президентимизнинг 2019 йил 28 июндаги фармони билан "Мард ўғлон" давлат мукофоти билан тақдирланганимни эшитиб, қувониш билан бир қаторда, зиммамга янада катта масъулият тушганини ҳис этдим.
Бу мукофотни қилган ишларим учун эмас, энди қиладиган ишларим учун олдиндан берилган рағбат деб биламан. Айни вақтда миллий заргарлик санъатимизнинг ноёб дурдоналарини йиғиш ва қайта тиклаш бўйича кўплаб режаларим бор. Шуларни амалга ошириб, ўз ишларим билан халқаро кўргазмаларда иштирок этиш ва юртимизнинг бой тарихи, такрорланмас санъат асарларини дунёга танитиш асосий мақсадларимдан бири.
Ёшларимизда ҳунарга қизиқиш юқори
- Биласизми, донишмандларимизнинг "Ер юзида битта аёл қолса ҳам заргарга иш топилади" деган машҳур гапи бор. Бу бекорга айтилмаган. Аёлларимиз қадим-қадимдан гўзалликка ошуфта бўлишган. Ерқўрғон харобаларидан топилган ҳайкалчаларнинг расмларини кўриб, бунга яна бир маротаба амин бўлдим. Уларнинг барчасида аёллар бошига, бўйнига тақилган турли тақинчоқлар билан тасвирланган экан. Бунинг устига ҳар бир тақинчоқнинг бежиримлиги, алоҳида маҳорат билан ишлангани кўриниб турарди.
Қарангки, ўша вақтларда ҳам юртимизда заргарлик санъати юксак ривожланган экан. Бугун ҳунармандчиликнинг бу турига талаб юқори. Эртага ҳам давом этиши муқаррар.
Ҳозир ёшларимиз орасида ҳам заргарлик ҳунарини ўрганишга қизиқиш кучли. Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, айни пайтда 40 нафарга яқин шогирдим бор. Уларнинг барчаси ҳали мактаб ўқувчилари. Бўш вақтларида келиб, шу ҳунарни ўрганишмоқда. Уларда ҳунар ўрганишга бўлган иштиёқни кўриб, хурсанд бўламан. Билганларимни астойдил ўргатишга ҳаракат қилаяпман. Кўпчилик шогирдларимнинг бу ишга анча қўли келишиб қолган. Демоқчи бўлганим, миллий заргарлигимиз келгусида ҳам янада ривожланса ривожланадики, унга бўлган эътибор асло сусаймайди.