» ВАТАНИМ – ЖОНУ ТАНИМ

ВАТАНИМ – ЖОНУ ТАНИМ

4114 0
Маълумки, Ислом дини таълимоти инсоният ҳайтининг фаровонлиги, унинг моддий ва маънавий камолотига сабаб бўлувчи ишларга чорлайди. Шу сабабли, инсон манфаати учун қилинадиган барча хайрли ишлар Ислом дини томонидан ҳар доим ҳам қўллаб қувватланади. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни халқ қилиб, у Зотнинг зурриётларини ер юзига тарқатди. Одам ато ва Момо Ҳавводан тарқалган зурриётлар ерда турли миллат ва элатлар ташкил қилиб, маълум ҳудуд ва маконларни ўзлари учун маскан тутдилар. Бу ҳақда Қуръони каримда: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик...”, - дейилган (Ҳужурот сураси, 13-оят). Табиийки, инсон қаерда дунёга келса ана шу ер унинг учун қадрли Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида орқаларига ўгирилиб, яъни Маккаи мукаррамага қараб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, - деганлар. Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Бирор сабаб билан ватанини ташлаб, бошқа юртларга кетган кимса энг оғир дамларида уни қумсаб, кўз олдига келтириши ва туғилиб ўсган замини хақида бирор қайғули хабар эшитганда қалбан эзилиши ҳам ватанга бўлган муҳаббатнинг белгисидир. Тарихдан маълумки, бирорта миллат бошқа бир миллатни таҳқирламоқчи, ёки оёқости қилмоқчи бўлса, аввало, унинг ватанини босиб олиб, вайрон қилган ёки уни ватанидан қувиб чиқарган. Ўз ватанини душманлар қўлида қолганини кўрган миллат учун бундан ортиқ хўрлик ва азоб бўлмаса керак. Зеро, Ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Шунинг учун ҳам динимиз таълимотида она ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон берган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши айтилган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: яъни: “Ким моли ҳимояси йўлида ўлдирилса у шаҳиддир. Ким жони ҳимояси йўлида ўлдирилса у шаҳиддир. Ким дини ҳимояси йўлида ўлдирилса у шаҳиддир. Ким аҳли ҳимояси йўлида ўлдирилса у шаҳиддир”, - деб марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд ва Термизий ривоятлари). Демак, дин, халқ, ватан ҳимояси йўлида жон бериш шарафдир. Дарҳақиқат, бундай кишига шаҳидлик мартабаси берилиши бежиз эмас. Чунки, у инсон учун жондан ҳам азиз бўлган нарсани ҳимоя қилишга қасд қилган. Акс ҳолда, унинг шаъни ва ғурури топталган бўлар эди. Шунинг учун ҳам ватан лафзи олдига жонажон деган сўз қўшиб айтилиши одатга айланган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: Ё Расулуллоҳ! Бир киши менинг уйимга бостириб келиб, молимни тортиб олмоқчи бўлса нима қилай? – деб сўради. “Молингни унга бермагин”, - деб жавоб бердилар. Агар мени урсачи?, - деганда, “сен ҳам у билан уришгин”, - деб жавоб бердилар. – Агар мени ўлдириб қўйсачи? – “Унда сен шаҳидсан”. - Борди-ю, мен уни ўлдириб қўйсамчи? – “У дўзахдадир”, - деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти). Халқнинг бошига оғир кун келганда жонини сақлаш учун ватанни ташлаб қочиш инсонийликка тўғри келмайди. Халқимизда “ўзга юртда шоҳ бўлганунча ўз юртингда гадо бўл”, деган ҳикматли сўз ҳам бор. Ўз ҳузур ҳаловатини ўйлаб, ўзгаларни унутган киши ҳеч қачон она ватанига, халқига нисбатан садоқатли бўлолмайди. Исломда Ватан тушунчаси кенг қамровли бўлиб, аввало у истиқомат маскани, яъни уй-жой маъносида ишлатилади. Ислом дини таълимотида инсон ўзи яшаб турган ватанини, динини, оила аҳлини ҳимоя қилиши энг улуғ амаллардан эканлиги таъкидланган. Ватан ҳимояси учун ҳарбийлар сафида туриш ҳам динимизда улкан савобли амал саналади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кеча кундуз “рибот”, (яъни душман қаршисида туриш) бир ой тутилган нафл рўза ва ўқилган тунги намоздан яхшидир”, - деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти). Уламолардан бирлари айтган эди: “Ҳар бир кимсага маълумдирки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордир. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она ватани ҳамда асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини”. Ҳакимлар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги уни ватанини ҳимоя қилишига, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлишига ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражасида ҳисса қўшишга ундаши лозим. Ғузор тумани бош имом-хатиби: А.Ганжиев