» Ислом тинчлик ва тотувлик дини

Ислом тинчлик ва тотувлик дини

3992 0
Маълумки, инсоният ҳаёти давомида турли мафкура ва маслаклар ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршиликларни бошидан кечирган. Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчиликлар, нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У- хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”. Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим. Осойишталик ҳар кимга, ҳар жойда ҳам зарур. Киши хотиржам бўлсагина, ҳаётда кўзлаган мақсад ва орзу-ҳавасларини амалга ошириш йўлида саъй ҳаракат қила олади. Хотиржамлик кўнгилнинг тинчлиги ва фикрнинг бир нуқтага жамланишидир. Бирор кишининг фарзанди бетоб бўлса, ёки уйи нотинч бўлса у кишининг ҳаёли паришон, фикри айқаш-уйқаш бўлиб, ўйлаган ишларини бажаришга қўли бормайди, доимо фикру зикри бетоб фарзандида, ёки оиласида бўлади. Бола соғайиб, оиласи тинч бўлса, кўнгли хотиржам бўлса маъюслиги кетиб, кўзлари чақнайди, фарзандларининг таълим-тарбияси билан шуғулланиш, уларни келажак ҳаётга тайёрлаш иши билан машғул бўлишга имконият қидиради. Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!...!” (Бақара сураси, 208-оят). Ушбу ояти каримадаги “коффатан” (яъни ёппасига) сўзи араб тили қоидасига биноан ҳол вазифасини бажармоқда. Тафсир китобларида келтирилишича, мана шу биргина сўз бир жиҳатдан барча инсонлар бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутишлари лозимлигини билдирса, бошқа жиҳатдан тинчликни барқарорлаштириш учун қайси йўл билан бўлса ҳам хисса қўшиш зарурлигини билдиради. Дарҳақиқат, тинчлик мавзуси ўта муҳим бўлганлиги боис ҳам Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир. Тинчлик бу Ислом шиоридир. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар ўзаро муомалаларини доимо бир-бирларига тинчлик тилаш, яъни саломлашиш билан бошлайдилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатга киришга сабаб бўлувчи амаллардан бири саломлашиш эканлигини таъкидлаб: “Эй инсонлар! Бир-бирингиз билан овозингизни чиқариб ошкора саломлашинг, муҳтожларга таом беринг, қариндошчилик ришталарини маҳкам боғланг, тунда одамлар уйқуда ётган вақтда туриб ибодат қилинг, шунда жаннатга саломат кирасизлар” деганлар. Бошқа ҳадисда эса, биринчи бўлиб салом берган киши Аллоҳга маҳбуброқ эканлиги таъкидланган. Ҳатто, диннинг устуни бўлмиш намоз ибодатида ҳам салом лафзи мавжудлиги унинг нақадар буюклигига далилдир. Инсониятга Аллоҳнинг марҳамати, улуғ неъмати бўлиб келган Ислом дини бағрикенглик сифати билан машҳурдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ҳаққа мойил, бағри кенг бўлган дин билан юборилдим” деганлар. Ислом динининг бағрикенглиги Қуръони каримда ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, унда Аллоҳ таоло бошқа дин вакиллари билан ҳусни муомалада бўлишга буюриб: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севади”, - деган (Мумтаҳана сураси, 8-оят). Демак, кўнглида адовати бўлмаган ҳамда жамиятда зарари тегмайдиган кишилар билан яхши муомамалада бўлиб, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш, шунинг билан бирга тинчлик ишига раҳна соладиган, Ислом дини равнақига зиён етказиш ғаразида бўлган кишиларга нисбатан муросасозлик қилиб ўтирмаслик динимиз талабидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”, - деб марҳамат қилган (Моида сураси, 2-оят). Юқоридаги мисоллардан хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлик катта ҳамда бағри кенглик унинг негизи эканлиги яққол номоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Неъматнинг салмоғига қараб шукр ҳам ҳар хил бўлади. Баъзи неъматларнинг шукри тилда “алҳамду лиллаҳ” дейиш билан адо бўлса, бошқа хил неъматлар ҳам борки, уларнинг шукрини амалий тарздагина адо этиш мумкин. Тинчлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматдир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасига фарздир. Кексалар тинчликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ўрта ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, ёшлар эса уни ҳимоя қилиш учун астойдил бел боғлашлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар. Ғузор тумани бош имом-хатиби: А.Ганжиев