» МИССИОНЕРЛАР ТАЪСИРИГА ТУШИБ ҚОЛМАНГ

МИССИОНЕРЛАР ТАЪСИРИГА ТУШИБ ҚОЛМАНГ

3970 0
Аллоҳга беадад шукрлар айтамизки, Истиқлол шарофати билан юртимизда виждон ва эътиқод эркинлигидан ихлосманд халқимиз тўла фойдаланиш бахтига муваффақ бўлдилар. Миллий ва диний қадриятларимиз қайта тикланиб, равнақ топиб бораётир. Лекин қўлга киритаётган ютуқларимиз ва фойдаланаётган неъматларимиз билан бир қаторда маънавий ва мафкуравий жиҳатдан халқимизни чалғитишга ҳаракат қилаётган айрим қора кучларнинг борлиги беихтиёр ҳаммамизни огоҳлик ва ҳушёрликка ундайди. Ислом дини ниқоби остида халқимизни эътиқод ва ибодат юзасидан чалғитиб, ихтилоф ва низоларни чиқармоқчи бўлган турли номдаги оқимлар бутунлай йўқ бўлиб кетмаган бўлса-да, анчагина барҳам топди. Лекин кейинги пайтларда мусулмон халқимизни христиан динига тарғиб қилиб, турли даъват ва услублардан фойдаланган ҳолда фаолият олиб бораётган миссионерларнинг таъсири кенг миқёсда сезилиб бормоқда.. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: яъни: “Албатта, Аллоҳ наздида (мақбул) дин Ислом (дини)дир. Аҳли китобларга (яҳудий ва насронийларга) маълумот (тавҳид ва Муҳаммад тўғрисидаги ваҳий) келгандан кейин ўзаро ҳасад юзасидан ихтилоф (инкор) қилишга ўтдилар. Ким Аллоҳнинг оятларини инкор этса, (билиб қўйсинки) Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчи зотдир”. Маълумки, мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайди. Уларнинг ҳар бири ўз миллий урф одатлари, анъаналари, тилига эга. 150 га яқин миллий-маданий марказлар фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистонда барча миллат вакилларига қонун билан тенг ҳуқуқли муносабат мустаҳкамланган. 1991 йил 1 сентябрга қадар Ўзбекистон ҳудудида жами 211 та диний ташкилот фаолият олиб борган. Шундан 149 таси исломий, 51 таси христиан, 11 таси яҳудий диний ташкилотлари эди. Ҳозирги кунда республикамизда жами 2216 та диний ташкилот рўйхатга олинган бўлса, шундан 2048 таси исломий диний ташкилот, яъни масжид ва мадрасалардир. Ўзбекистон аҳолисининг 90% дан ортиғини мусулмонлар ташкил қилади. Ҳозирги кунда республикамизда 15 та ноисломий диний конфессияларга мансуб 181 та диний ташкилот расман рўйхатдан ўтиб фаолият юртимоқда. Ўзбекистон халқи кўп миллатли бўлиши билан бирга, маҳаллий аҳоли ўз урф-одатларига жуда ҳам содиқдир. Ислом дини эса маҳаллий халқларнинг урф-одатларига чуқур кириб бориб, ҳаёт тарзига айланган. Халқимизнинг тарихи, бугуни ва келажаги ислом дини билан чамбарчас боғлиқ. Мустақиллик туфайли халқимиз ўз қадриятларини қайта тиклай бошлади. Лекин кўпчилик ҳали ҳам дин ҳақида чуқур маълумотга эга эмас. Табиийки, бундай одамларнинг фикрини ўзгартириш, уларга бир динни ёмон кўрсатиб, бошқасини яхши деб талқин қилиш осонроқ кечади. Масалан, христианлик доирасида вужудга келган турли оқимларга даъват қилиш вазифасини ўз зиммасига олган миссионерлар ўзларининг хушмуомалалиги, ёрқин ва таъсирчан ваъзлари орқали юқоридаги каби кишиларни чалғитадилар. Ўз “ўлжа”ларининг қизиқишлари ва заиф томонларини ҳисобга олиб, улар билан дўстона муносабатга кириб олишади ва охир-оқибат уларни таклиф этилаётган динни қабул қилишга даъват этадилар. Бунинг оқибатида ота-боболари исломдан бошқа динни билмаган бир оила вакили ёки вакиласи бошқа динни қабул қилади. Жамиятнинг илк ва энг муҳим бўлаги бўлмиш оила жанжал ва низолар домига тортилади. Ота-она, қавму қариндошлар унинг бу қилмиши оқибатида маҳалла-куйда бош кўтара олмай қолади. Оила маҳалладан ва ўз яқинларидан узулиб қолади. Миссионерлар уларни бундай муаммоларга учрашлари ҳақида олдиндан огоҳлантириб, бунинг эвазига бу дунёда моддий-маънавий кўмакни, охиратда эса абадий роҳатни ваъда қилишади. Динини ўзгартирганлар қарздор бўлиб қолмайдилар. Онгларини етарлича эгаллаб олганларидан сўнг миссионерлар уларга черковга хайр-эҳсон қилишни таклиф қилишади. Хусусан “Еттинчи кун Адвенистлари” жамоасининг ҳар бир аъзоси ўз даромадларининг ўндан бир қисмини черков ҳисобига ўтказиши шарт. Оила аъзоларидан бири янги конфессияга аъзо бўлгач, уйдаги жиҳозларни сотиб черков ҳисобига ўтказгани, ҳатто хайр-эҳсон учун уйдаги пулларни ўғирлашгача ҳам борганини исботловчи ҳаётий мисоллар жуда кўп. Миссионерлик фаолиятининг салбий томонларидан яна бири шундаки, баъзи жамоаларда, масалан, иеговочиларда аъзолар ҳарбий хизматга боришлари таъқиқланади. Бундай ғоявий тарғиботда тўғридан-тўғри Ватандан бегоналашишга, унинг тақдирига нисбатан бефарқлик ва лоқайдлик кайфиятининг шаклланишига йўл очади. Иеговочилар бир инсоннинг қонини бошқасига қуйишни гуноҳ деб биладилар. Инсон ҳаёти учун кутилмаган вазиятларда қон қуйиш ҳал қилувчи аҳамият касб етишини инобатга оладиган бўлсак, бундай ғоявий тарғиботнинг фожиавий оқибатини тасаввур қилиш қийин эмас. Ҳар бир инсоннинг бошида ўлим бор. бошқани қабул қилган киши вафот этгач нима бўлишини тасаввур қилиш жуда ҳам мушкул. Ким уни дафн қилади, қандай ва қаерга дафн қилиш керак деган муаммолар юзага келади. Албатта, мусулмон ота-она ўз фарзандини бекафан, бежаноза кўмишни истамайди. Маҳалла-куй эса, ғайридиннинг таъзиясига ҳам бормайди, маййитни қайси мозорга қўйиш муаммоси пайдо бўлади. Бу қандоқ оғир оқибатларга олиб келиши ўз-ўзидан аён. Ўзбеклар бағрикенг халқ, бошқа дин вакилларини ҳурмат қилиб, ғайридин қўшнилари билан яхши алоқа қилади. Буни ўзининг юксак инсонийлик бурчи, деб билади. Фақат ўз фарзандининг ғаразли кимсалар томонидан эътиқоди ўзгартирилишига бефарқ қараб тура олмайди. Миссионерлар фаолияти бўйича нафақат мусулмонлар, балки эътиқод қилувчиларнинг кўплиги бўйича Ўзбекистонда иккинчи ўринда турадиган православ оқими вакилларидан ҳам кўплаб шикоятлар тушмоқда. Православ руҳонийлари, уларнинг таъбири билан айтганда, бундай “сектантлар”га қарши курашиш лозимлигини таъкидламоқдалар. Миллатлар ва динлараро тотувликни таъминлаш орқали мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашимиз мумкин. Зеро, Президентимиз айтганларидек: “Мустақиллик ниҳоли кўкариши учун унга тинчлик, осойишталик, тотувлик, миллатлараро чидам ва бардош каби кучли илдизлар керак. Шунда у ҳар қандай шамол, довул, бўронларда эгилмайдиган бўлиб улғаяди”. 1998 йил 1 майда Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги” Қонунининг янги таҳрири қабул қилинди. Қабул қилинган Қонунга кўра, миссионерлик фаолияти қатъиян тақиқланади. Ушбу қонун асосида Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси” ва Ўзбекистон республикасининг “Жиноят кодекси”га тегишли модда бандлар киритилди. Ўзбекистон Республикаси доимо ўз қонунларида виждон эркинлигини қўллаб-қувватлаган. Бунга далил сифатида Конституциямизнинг 31-моддасини келтиришимиз мумкин. Унга кўра, Республикамизнинг ҳар бир фуқароси ўзи хоҳлаган динга эътиқод қилиш, ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашлар мажбурлаб сингдирилишига йўл қўйилмайди. Миссионерлик ҳақида сўз юритар эканмиз, у қайси конфессиялар томонидан олиб борилаётган миссионерлик бўлмасин, уларнинг диний ақидаларини камситмаймиз. Мақсадимиз бошқа динларни ерга уриб, ўз динимизни кўкка кўтариш эмас, балки ҳар бир фуқарони Ўзбекистон қонунларига ва дин-диёнат қоидаларига амал қилишга чақиришдир. Биз бошқа дин вакилларига нисбатан одамлар орасида нафрат уйғотишни ҳам истамаймиз. Зеро қайси динга эътиқод қилишидан қатъи назар, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси Ўзбекистон халқини ташкил этади. Миссионерлик билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқар эканмиз унинг қанчалик оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида хулоса қилдик. Шундай экан, фарзандларимизни ва шу орқали Ватанимиз келажагини асраб авайлаш учун шу юртнинг ҳар бир фуқароси жонбозлик кўрсатиши лозим бўлади. Ватан оиладан бошланади. Фарзанд тарбияси ҳам асосан ота-онанинг мажбурияти ҳисобланади. Агар улар ўз зурриётларини Ватанга садоқат ва муҳаббат, урф-одат ва диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбияласалар ҳеч қандай ташқи ғоя ёки мафкура уларнинг онгини, шу билан бирга жамиятни буза олмайди. Жаноб Пайғамбаримиз (сав) бир ҳадиси шарифларида огоҳлантириб шундай деганлар: яъни: “Ҳар бир туғилган инсон боласи қобилият табиати билан туғилади. Тили чиққач ўзининг ички дунёсини ошкор этадиган бўлади. Аммо унинг ота-онаси ўз эътиқодларига қараб ё яҳудий ё насроний ёхуд мажусий эътиқодида тарбиялайди”. Маҳалла оқсоқоллари, нуроний отохонларимиз ҳам биз юқорида кўриб чиққан ҳолатларга бефарқ қарамасликлари мақсадга мувофиқ бўлур эди. Хуллас, инсонпарвар ва бағрикенглик тамойилларини ўзида мужассам этган ислом дини билан яшар эканмиз, ўзимиз ҳам, фарзанду зурриётларимиз ҳам шу муқаддас дин таълимотидан оғмай-толмай Аллоҳнинг ҳузурига ёруғ юз билан боришликни орзу қилиб яшашимиз лозим. Миссионерларнинг ҳийла-найрангларига илинмасликка ҳаракат қилиб, бу тўғрида фарзандларимизни доимо огоҳлантириб боришимиз даркор бўлади. Гузор тумани бош имом-хатиби: А.Ганжиев.