» Глобаллашув жараёни, оммавий маданият ва ёшлар

Глобаллашув жараёни, оммавий маданият ва ёшлар

3388 0
Барча тарихий даврларда ҳам ёшлар тарбияси, уларнинг дунёқараши ва ўзлигини англаши масаласи мамлакат тараққиёти, мустақиллиги, келажагини кафолатловчи муҳим омил саналган. Абдулла Авлоний айтганларидек, “тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир“. Ёшлар тарбияси масаласи, айниқса бугунги даврда, глобаллашув жараёни ҳаётимизнинг барча соҳаларини қамраб олаётган шароитларда ниҳоятда муҳим аҳамият касб этмоқда. Тарих сабоқлари жамият тараққиётида ёш авлоднинг тарбияси савиясининг ўрнини нечоғлик муҳимлиги ҳар қандай даврда ҳам ўзининг маълум даражада исботини кўрсатган. Бу ўринда ўзбек халқининг буюк қомусий олими Абу Райҳон Беруний “Менга ёшларни кўрсатсангиз, мамлакатимиз эртаси қандай бўлишини айтиб бераман”, деган ҳикматини аълоҳида такидлаб ўтиш жоиздир. Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 64 фоизини 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ташкил этади. Ёшлар жамият ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маънавий янгиланишининг муҳим субъектларидан бўлиб, жамиятда содир бўлаётган мураккаб жараёнларга ўз таъсирини ўтказишда ва тараққиётни ҳаракатга келтиришда муҳим роль ўйнайди. Мустақиллик туфайли жамиятимизда, айниқса, унинг маданий-маънавий, маърифий соҳаларида содир бўлаётган сифат ўзгаришлари ёшлар онги, дунёқарашига сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда. Шундай экан мамлакат тараққиётида ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий ва ахлоқий тарбияси ўта муҳим ўрин эгаллайди. Ёшларимиз маънавиятини юксалтириш, уларда юриш-туриш одоби, мулоқот ва кийиниш маданиятида меъёрни сақлай билиш кўникмасини ҳосил қилиш учун миллийлик билан замонавийлик уйғунлигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб муаммосидир. Бугунги дунё бошидан кечираётган глобаллашув жараёни инсоният учун катта имкониятлар эшигини очиб бермоқда. Лекин, дунёдаги айрим кучлар шундай ҳам мураккаб дунёни янада мураккаблаштиришга зўр бермоқдалар.Хусусан, доимо зўровонлик ва гегемонлик ҳисобидан бойлик орттириб келган кучлар оммавий маданият ғоясини кенг тарғиб қилмоқдалар. Бу жараён бугун рок ва поп музика, видео ва турли жанрдаги фильмлар, сериаллар, ранг-баранг кўнгилочар шоу-томошалар, ўйинларни қамраб олмоқда. Оммавий маданият ниқобидаги аксилмаданият пайдо бўлиб, тобора кенг ёйилиб бормоқда.” Табиийки, “оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий, бузуқлик ва зўровонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлар, турмуш, маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамларни ташвишга солмай қўймайди”, — деб огоҳлантиради Президентимиз И.А.Каримов “Юксак маънавият енгилмас куч“ асарида. Ушбу маданиятнинг асосида аввало тижорат, моддий манфаатдорлик борлигини замонавий фан ҳам эътироф этмоқда. Ҳозирги пайтда унинг ғоят ўткир ва кенг қамровли таъсирини деярли барча соҳаларда кўриш, ҳис этиш мумкин. Айниқса, давлатлар ва халқлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг кучайиши, ишчи кучининг эркин ҳаракати учун қулайликлар вужудга келиши, кўплаб янги иш ўринларининг яратилиши, замонавий илм-фан ютуқларининг тезлик билан тарқалиши, турли қадриятларнинг умуминсоний негизда умумлашуви, мулоқотнинг янгича сифат касб этиши, экологик офатлар пайтида ўзаро ёрдам кўрсатиш имкониятларининг ортиши-табиийки, буларнинг барчасига глобаллашув туфайли эришилмоқда. ХХ асрда техника ривожи ҳамда турмуш фаровонлигининг ўсиши билан истеъмолчилик психологиясининг янада кучайиши кино ва телевиденияда турли хил сериаллар, аудио ва видео дисклар, шоу тадбирларнинг, уларни оммавий тарзда ишлаб чиқарадиган индустриянинг пайдо бўлишига олиб келди. Табиатан бундай “махсулот”ларда халқчилик, миллийлик ниҳоятда заиф. Оммавий маданиятга эмас, балки оммавий маданиятни ниқоб қилиб олган аксилмаданиятга, унинг дидсизлигига ва ахлоқсизлигига, инсонни ҳақоратловчи, тубанлаштирувчи маҳсулотларга қарши курашиш давр талабидир. Мустақил ривожланиш йўлини танлаб янги жамият қураётган ҳар бир миллат учун ахлоқ ва миллий маданиятни сақлаш ва янада ривожлантириш – энг долзарб ва устувор вазифадир. Глобаллашувнинг ёшлар тарбиясига ўтказаётган салбий таъсири информацион воситаларнинг юксак ривожланиши натижасида интернет, уяли телефон, телекоммуникациялар ва турли ахборот нашрларининг кириб келиши. Бу воситалар орқали таклиф этилаётган “қадриятлар” кўп ҳолларда ёшларимизни ўзимизнинг миллий қадриятларимиздан узоқлаштириб қўймоқда, бошқача қилиб айтганда ўзига хос “илдизи йўқ индивид”ларнинг шаклланишига олиб келмоқда. “Оммавий маданият” турли хил кўринишларининг ёшлар орасида тобора кенг тарқалиши булар асосан кийинишда, қизиқишларда, бўш вақтни ўтказишда, дидларнинг саёзлашувида, миллий қадриятларга муносабатда намоён бўлмоқда. Булар эса беҳаёлик ва зўравонлик, миллий қадриятларга ва ижтимоий манфаатларга беписандлик билан муносабатда бўлиш каби иллатларни келтириб чиқармоқда. Бугунги кунда ёшлар орасида тақлидчилик ҳолатларнинг кучаяётганлиги ва янада тоборо авж олётганлиги кузатилмоқда. Бунда, хорижда кенг тарқалган ахлоқий ва маънавий юриш-туриш андозаларининг кинофильмлар, мода ва турли хил рекламалар орқали ёшларимизнинг онгини маълум маънода заҳарлаётганини сезиш қийин эмас. Натижада, ёшлар ўртасида китоб ўқишдан кўра компьютер ўйинларининг олдида вақтини ўтказиш, мазмунан саёз бўлган турли хил жанрдаги фильмларни томоша қилиш одат тусига кириб бормоқда. Глобаллашувнинг салбий оқибатларини, “оммавий маданият” ниқобидаги аксил маданият ва турли ғаразли, нохолис ахборотлар хуружининг таъсирини мумкин қадар камайтириш учун аҳоли, айниқса, ёшларнинг сиёсий онгини, ҳуқуқий, ахлоқий, эстетик маданиятини юксалтириш талаб этилади. Навқирон авлодни миллий ва умумбашарий қадриятларга, маданият дурдоналарига болаликдан бошлаб ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда оммавий маданиятга хос айрим кўринишларга танқидий муносабатни, аксилмаданятга, турли бузғунчилик ғоялар ва ахборотларга нисбатан мафкуравий иммунитетни шакллантириш алоҳида аҳамият касб этади. Президентимиз раҳнамолигида ёш истеъдодларни қадрлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб – қувватлаш борасида ҳамда маънавий-маърифий соҳада кўрилаётган эзгу тадбирлар амалий самарасини беради. “… келажак авлод ҳақида қайғуриш, соғлом, баркамол наслни тарбиялаб етиштиришга интилиш бизнинг миллий хусусиятимиздир”. Хулоса қилиб шуни айтиш керакки мамлакатимизни тараққий топтириш, юксалтиришда ёшларнинг тарбияси ва салоҳияти ўта муҳим обектив қонуниятдир. Энди фақат ва фақат шу юртни, шу элни севувчи, мамлакат ривожига хизмат қилувчи, унинг моддий ва маънавий қадриятларига ҳурмат кўзи билан қаровчи ва маълум маънода уни тарғиб қилувчи фидойи ватандошларимизни тарбия қилиш мамлакатнинг ҳар бир фуқаросининг айниқса, педагогика соҳасида фаолият кўрсатувчи фуқароларимизнинг энг асосий мақсадига айланиши ўта муҳим масаладир. Педагогика соҳасида фаолият юритаётган шахсларни, шу билан бирга, олий таълим муассассаларида етишиб чиқаётган бўлғуси кадрларни ҳам айнан шу рухиятга мослаштириш бугунги куннинг энг муҳим талабларидан бири ҳисобланади. Бу мамлакат мураббийлари, умуман, тарбиячилари олдида турган энг асосий ва буюк вазифа ҳам мана шу.