» Мафкуравий майдон ва полигон

Мафкуравий майдон ва полигон

1528 0
Ҳозирги даврда дунёда ғоявий қарама-қаршиликлар мураккаб тус солган, мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кучлироқ бўлиб бораётган даврдир. Инсоният ХХ аср охири ХХI аср бошларига келиб бир қатор чегара билмас муаммоларга дуч келди. Уруш ва тинчлик, экологик фалокатлар, маънавий қашшоқлик, наркобизнес, терроризм каби муаммолар анна шулар жумласидандир. Шу билан бирга дунёда глобаллашув, ахборот оқимининг тезлашуви ва интенсивлашуви, универсал технологиялар билан боғлиқ умумбашарий жараёнлар ҳам бормоқда. Ер юзида одамлар бир макон тарзида яшайдилар. Аммо тарихда мавжуд чегараларни ўзгартириш, муайян ҳудудларни босиб олиш учун сон-саноқсиз урушлар бўлгани маълум. Кишилик жамияти тарихи инсонда олийжаноб фазилатларнинг шаклланиши ва ривожланишига ҳам, айни пайтда ғайриинсонийликнинг хилма-хил кўринишлари илдиз отиб ўзининг мудҳиш қиёфасини намоён қилишга ҳам кўп бор гувоҳ бўлган. Афсуски, инсониятнинг бутун тарихи давомида бундай иллатлар унга ҳамроҳлик қилиб келди, турли даврларда янги шакл-шамойил, хусусият касб этди. Бугунги кунда уларнинг энг ёвузлари ер юзидаги тинчлик ва тотувлик, ҳамкорлик ҳамда ҳамжиҳатликка ва охир-оқибатда инсониятнинг ягона бирлик сифатида эркин тараққий қилишига катта хавф туғдирмоқда. Бугун “икки қутбли мафкура” ўртасидаги курашга барҳам берилган бўлсада, аммо дунёда мафкуравий курашлар тўхтаб қолгани йўқ. Аксинча, жаҳон майдонларини мафкуравий жиҳатдан бўлиб олишга уринишлар турли йўллар билан содир бўлмоқда. Ўзларини «дўст”, “миллатдош”, “ватандош”, “диндош” этиб кўрсатиш орқали ўз ғояларини амалга оширишга уринмоқдалар. Шулардан бири буюк давлатчилик шовинизмидир. Буюк давлатчилик шовинизмини Узбекистон Республикаси биринчи Президенти И.Каримов таъкидлаганидек: “Муайян кучлар ва давлатлар томонидан бўладиган сиёсий, мафкуравий ва иқтисодий ҳукмронлик деб ёки миллатлараро ва давлатлараро, минтақавий муносабатларда унга интилиш деб таърифлаш мумкин. Шовинизм баъзи кўп сонли миллатларнинг нафақат кўп миллатли империя доирасида, балки уни ўраб турган жуғрофий-сиёсий маконда ҳам ўзининг мутлақ ҳукмронлигини ўрнатиш учун курашда намоён бўлади”. Кўриниб турибдики, буюк давлатчилик шовинизми ғайриинсоний характерга эга. Зеро, у ўз моҳиятига кўра миллий тенгсизликни оқлаш, тарғиб қилиш ҳамда ҳимоя қилишнинг ўзига хос шаклидир. Афсуски, бизнинг ўлкамиз ҳам буюк давлатчилик шовинизмининг ҳалокатли таъсиридан четда қолмади. “У ҳам узоқ вақт давомида шовинистик ва агрессив миллатчилик ғояларининг бутун жафоларини тортиб келди, - деб ёзади И.Каримов. – Ўзбекистон Россия империяси, сўнгра эса собиқ Совет империяси таркибида мажбуран ушлаб турилган мураккаб даврни бошидан кечирди”. Бугунги кунда инсон онги ва қалби учун кураш кескин тус олаётган экан, хилма-хил қарашларнинг мафкура майдонида ҳукмронлик қилишга интилиши табиий. Бунга эътиқод умумийлигига асосланган ҳолда якка мафкура ҳукмронлигини таъминлаш орқали жаҳон майдонларини мафкуравий жиҳатдан ўзига қарам қилишга бўлаётган ҳатти-ҳаракатларни мисол келтириш мумкин. Диний экстримизм шулар жумласидандир. Масалан, улар ижтимоий, миллий хусусияти, қайси давлатга мансублигидан қатъий назар, барча мусулмонларнинг бирлашуви ғоясини илгари сурадилар. Улар ҳеч қандай маъмурий-жўғрофий ҳудуднитан олмайдилар, ер юзидаги барча мамлакатларда ягона мусулмонлик бирлиги ва уларнинг диний ва дунёвий ҳокимиятини ўзида мужассамлаштирган “халифа” раҳбарлигидаги ягона мусулмон давлати қуришни кўзлайдилар. Бу шартни бажармоқ, ниятга етмоқ учун ҳар қандай хунрезликка ва биродаркушликка фатво берадилар. Ҳозирги кунда тил, маданият, урф-одатлардаги умумийлик, этник бирликка асосланган ҳолда ягона мафкуравий майдонни юзага келтириш борасидаги қарашлар ҳам мавжуд. Бундай қарашларнинг шаклланиш тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Бугунги кунда уларнинг ҳар бири ўзига хос тарзда дунёнинг мафкуравий манзарасида муайян ўринни эгаллашга уринмоқда. Бугунги кунда халқларнинг лисоний бирлигига таянган ҳолда уларнинг маънавий-маърифий бирлигини таъминлаш байроғи остида тақдим этилаётган ғоялар ортида ҳам аслида ғаразли мақсадлар яширинганлигини унутмаслик лозим.